Коррупсияга қарши курашишда ички назорат тизими янги босқичга кўтарилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупсияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупсияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ушбу қонун мамлакатимизда коррупсияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур қонун билан коррупсияга қарши курашиш соҳасида қатор муҳим янгиликлар жорий этилди. Хусусан, коррупсияга оид жиноятларни содир этган шахсларнинг электрон реестрини юритиш, коррупсияга оид жиноятлар тушунчасини аниқ белгилаш, коррупсияга қарши ички назорат ва комплаенс тизимларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби муҳим нормалар назарда тутилган.
Қонунга мувофиқ, эндиликда давлат органлари ва ташкилотларида коррупсияга қарши ички назорат тузилмаларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларнинг мустақил фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий кафолатлар яратилди. Шунингдек, коррупсиявий хавфларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва мансаб ваколатларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига қарши таъсирчан механизмлар жорий этилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда унинг тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари ва ташкилотларда коррупсиянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, давлат харидлари жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш, буджет ва буджетдан ташқари маблағлардан самарали ҳамда мақсадли фойдаланиш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Айниқса, илм-фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, халқаро грантлар, илмий тадқиқотлар ва замонавий технологияларни жорий этиш жараёнларида очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларига қатъий амал қилиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, марказ тизимида коррупсиявий хавф-хатарларни баҳолаш, ички назорат механизмларини такомиллаштириш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Қонун билан Коррупсияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотлари, ҳудудлар ҳамда соҳалар кесимида коррупсиявий хавф-хатарлар харитасини шакллантириш вазифаси ҳам юклатилди. Бу эса ҳар бир ташкилот фаолиятидаги эҳтимолий хавфларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича манзилли чоралар кўриш имконини беради.
Мазкур қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимида ҳам коррупсияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариш, шаффоф бошқарув тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда жамоатчилик ишончини оширишга қаратилган ишлар янада кучайтирилади.
Коррупсияга қарши курашиш — фақат назорат органларининг эмас, балки ҳар бир раҳбар ва ходимнинг масъулиятидир. Янги қонун ана шу масъулиятни янада кучайтириш, давлат бошқарувида ҳалоллик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе