Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти томонидан миллий ҳамда халқаро ҳамкорлик доирасида мунтазам равишда турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Шу йўналишдаги навбатдаги маҳорат дарси бугун “Корея–Ўзбекистон сабзавотчилиги” мавзусида ташкил этилди.
Тадбирда Корея Республикасининг Данкоок университети олимлари — мева-сабзавотчилик йўналиши бўйича доктор Сонг Кидеук ва боғдорчилик соҳасининг етук мутахассиси доктор Шин Ёунг Ан иштирок этди. Улар томонидан тингловчиларга замонавий корейс аграр технологиялари асосида амалий машғулотлар ўтказилди.
Маҳорат дарси иштирокчиларга Корея тажрибасини ўрганиш, илғор ёндашувлар ва замонавий услублар билан танишиш, шунингдек, халқаро амалиётни мамлакатимиз шароитида қўллаш имконини беради.
Бундай тадбирлар соҳага оид назарий билим ва амалий кўникмаларни ошириш, илмий асосланган услубларни ривожлантириш ҳамда жаҳон тажрибасини маҳаллий шароитларга мослаштириш орқали қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади.



