Киберхавфсизлик: Таҳдидлар ва ҳимоя

⏺Киберхавфсизлик — замонавий дунёда ахборот, технология ва маълумотларни ҳимоя қилиш учун жуда муҳим соҳадир. Интернет ва рақамли тизимлардан кенг фойдаланиш ҳужумлар ва таҳдидларнинг ҳам ортишига олиб келмоқда. Ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, киберҳужум қурбонига айланган кўплаб инсонларнинг фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга қаратилган чақириқларига дуч келамиз. Бугун Миллий марказнинг Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими томонидан ташкил этилган семинар ҳам айнан шу мавзуга бағишланди.
Бугун фирибгарлик глобал ахборот маконига кўчди. Киберфирибгарлар ижтимоий тармоқлар орқали одамларни чув тушириб, маълумотларини, ҳаттоки, телефон рақамига уланган пластик картасидаги пул маблағларини ҳам ўмармоқда. Шу боис ҳаммамиз ўзимиз учун бу борада зарур билим ва кўникмага эга бўлишимиз зарур, – дея Миллий марказ бўлим бошлиғи Ержан Абдураимов асосий таҳдидлар ва хавфлар тўғрисида маълумот берди.
Ержан Абдураимовнинг таъкидлашича, булар асосан, электрон почта ёки СМС орқали фойдаланувчини алдаш орқали шахсий маълумотларни қўлга киритиш. Вируслар, троянлар каби дастурлар компютер ёки мобил қурилмаларга зиён етказади. Фойдаланувчи маълумотларини қулфлаб, уни қайта очиш учун товон талаб қилиш. Фойдаланувчини психологик йўллар билан алдаш ва махфий маълумотларни олишдир.
Бу каби ҳужумлардан сақланиш учун телеграмга келган “апк” файлларини очмасдан ўчириб ташлаш тавсия қилинди. Чунки бу турдаги вируслар бир зумда аккаунт эгасининг барча контактларига тарқаб, кўпчиликка зарар етказиши таъкидланди. Шу боис, ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларда тизимларга киришда қўшимча хавфсизлик чораларини қўллаш тавсия қилиниб, мустаҳкам пароллар яратиш борасида тавсиялар берилди.
Семинар иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ҳа, бугунги кунда киберхавфсизлик нафақат компаниялар, балки ҳар бир инсон учун муҳимдир. Технологиялар ривожлангани сари, таҳдидлардан ҳимоя қилишга нисбатан ечимлар ҳам ривожланиб бормоқда. Ҳар бир фойдаланувчи ўз хавфсизлиги учун масъулиятли бўлиши керак.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе