КЕШЮ ЁНҒОҒИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ ВА УНИ ЙИҒИБ ОЛИШ ЖАРАЁНИ ҲАҚИДА

Кешю — машҳур ва кўпчилик томонидан севиб истеъмол қилинадиган маҳсулот. Яна бир кам тарқалган номи – ҳинд ёнғоғи.
Кешюнинг ватани Бразилия ҳисобланади, бироқ кейинчалик маҳсулот Ҳиндистон, Африка, Индонезия, Ветнам ва бошқа давлатларга олиб келинган. Бугунги кунда ёнғоқ ҳатто Озарбайжон ва Эронда ҳам етиштирилади. Ветнам, Нигерия ва Ҳиндистон энг йирик етказиб берувчилардан саналади.
Кешю қандай кўринишда эканини ҳамма билади, бироқ у қандай ўсиши ва уни йиғиб олиш жараёни ҳақида барча ҳам етарли маълумотга эга эмас. Бу ёнғоқ баланд дарахтда ўсади ва нокни эсга солувчи мева бандига эга.
Мағизнинг ўзи қаттиқ пўчоқ остида бўлади. Уни дастлаб чақиш керак. Бироқ у жуда заҳарли, чунки таркибида анакард кислотаси ва кардол каби моддалар бор. Терига текканида кучли куйиш изларини қолдиради.
Ҳиндистонда кешюга ишлов бериш фермаларидаги ишчилар сони 500 минг кишига етади. Одатда улар 13 дан бошлаб 50 ёшдан ошган аёллардан иборат.
Бу ерда ҳеч қандай машина ва автоматлаштирилган конвеерлар йўқ. Тўлиқ қўл меҳнатига асосланган. Кешюнинг қалин пўсти махсус асбоб ёки пичоқ, айрим ҳолларда эса оддий тош билан очилади.
Ёнғоқнинг таркиби витаминларга бойки, у инсон танасининг барча тизимларига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда яна бир қанча қизиқарли маълумотларни Ҳарперъс Базаар журнали тақдим этади.
Шунингдек, кешю таркибида омега-3, омаге-6 ва омега-9 ёғ кислотаси мавжуд. Улар антиоксидантлар билан биргаликда танани эркин радикаллар зарарлашидан ҳимоя қилади, яллиғланишни тўхтатади, қариш жараёнини секинлаштиради.
Терини озиқлантириб, ултрабинафша нурларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилади. Ёнғоқ мисга ҳам бой бўлиб, терининг сифатини яхшилашга ёрдам беради ва унга табиий гўзаллик бахш этади.
Унчалик кўп миқдорда бўлмаган кешю магнийнинг кунлик қийматининг 70 фоизини ўз ичига олади. Бу юрак, асаб ва мушак тизимларининг тўғри ишлаши учун зарур ҳисобланади. Танадаги магний етишмовчилиги сурункали чарчоққа, сустликка, қон босимининг кўтарилишига ва ҳатто томир тортишишига олиб келиши ҳам мумкин.
Кешю ёнғоғини мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфини сезиларли даражада камайтиради. Ёнғоқ таркибидаги ёғ кислоталари ва минераллар юрак мушаклари ва қон томир деворларини кучайтиради. Холестерин миқдори ошишининг олдини олади.
Шунингдек, ҳамиша бир хил вазнда туришни истовчилар учун мутахассислар парҳезга кешю ёнғоғи қўшишни тавсия этади. Биринчидан, ёнғоқ таркибида оқсил мавжуд, иккинчидан, у паст калорияли ёнғоқнинг энг яхши учталигига киради. Энг фойдали жиҳати шундаки, мазали бўлишига қарамай, у қанд миқдорининг ошишига олиб келмайди, узоқ вақт очликни қондириши ва овқатланишни камайтиргани учун ҳам ушбу ёнғоқлар вазн ташлашда самарали восита ҳисобланади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе