Жиззах” бренди остида ғўза қатор орасига ғалла экадиган янги техника ишлаб чиқарилади

Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Жиззах вилоятига ишчи сафари доирасида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев билан биргаликда Мирзачўл туманида ғўза қатор ораларига ғалла экишга мўлжалланган янги сеялканинг тақдимоти билан танишилди.
Мазкур техниканинг асосий афзаллиги — ғўзапояни майдалаш ва ғалла экиш жараёнларини бир вақтнинг ўзида амалга ошириш имкониятидир. Сеялка ғўзани майдалаб, ҳосил бўлган ўсимлик қолдиқларини далага бир текис сочиб кетади.
Бу технология тупроқ эрозиясининг олдини олиш, намликни сақлаш, ерга қўшимча ишлов бериш ва техника сарфини камайтириш имконини беради.
Сеялканинг махсус конструксияси уруғни қатор бўйлаб бир текис тақсимлаб, белгиланган чуқурликка жойлаштиришга хизмат қилади. Бу эса уруғларнинг бир маромда униб чиқиши учун қулай шароит яратади.
Тақдимот давомида вазир техникани янада такомиллаштириш, амалиётда синовдан ўтказиш ва ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш бўйича тавсиялар берди. Ресурс тежамкор, маҳаллий шароитга мос техникаларни яратиш ва уларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Энг муҳими — янги техника “Жиззах” бренди остида ишлаб чиқарилади. Жиззах шароитидан келиб чиққан ушбу сеялкани келгусида айнан “Жиззах бренди” остида серияли ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига 300 дона шундай техника ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Сеялка икки хил — очиқ майдонларда ҳамда плёнка остида экиш учун мўлжалланган вариантларда ишлаб чиқарилади.
Бу ташаббус Жиззахда нафақат замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси яратилаётганини, балки маҳаллий муҳандислик ва инновацион ишланмаларни мустақил бренд остида ишлаб чиқаришга ўтилаётганини ҳам кўрсатади.
Янги техниканинг амалиётга кенг жорий этилиши ресурсларни тежаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм