Жараён

Қашқадарёда беккросс чатиштириш орқали хорижий ғўза навларидаги устувор генларни маҳаллий ғўза навларига ўтказиш ишлари олиб борилмоқда
Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё илмий-тажриба стансиясида 2024 йил давомида селексия соҳасида замонавий ютуқларга асосланган тадқиқотлар изчил амалга оширилди.
Мазкур тадқиқотлар доирасида 16 та маҳаллий ғўза нави — 13 та ўрта толали (Бухоро-6, Бухоро-8, Бухоро-10, Бухоро-102, Порлоқ-4, Равнақ-1, ЎзПИТИ-2601, СП-2602, СП-2635, Шаҳрисабз-1, С-8292, С-7306, Ўнқўрғон-2) ва 3 та ингичка толали (Қашқадарё-5, Марварид, Сурхон-16) нав Хитойда яратилган ХинЛуЗао-78 нави билан реципрок усулида чатиштирилди. Натижада 32 та дурагай комбинацияси яратилди.
Яратилган дурагайларда хорижий навларда мавжуд бўлган устун белгиларни — хусусан, кўсак қурти (Ҳеликоверпа армигера) ва бегона ўтларга қарши қўлланиладиган гербицидга чидамлилик генларини маҳаллий навларга ўтказиш мақсадида беккросс чатиштириш усули қўлланилди. Шу мақсадда 2404 та гул ХинЛуЗао-78 хорижий нави билан чатиштирилди.
— Мақсадимиз, маҳаллий навларнинг иқлимга мослиги ва тола сифати каби афзал жиҳатларини сақлаган ҳолда, хорижий навлардаги генетик афзалликларни хусусан, ҳашаротлар ва кимёвий воситаларга чидамлилик хусусиятларини жорий қилишдир, — дейди қашқадарёлик селексионер олимлар.
Беккросс чатиштириш усули генетик белгиларни режали равишда маҳаллий навларга ўтказиш, дурагайларни саралаш ва уларни кейинги босқичларда мустаҳкамлаш имконини беради. Бу эса келгусида ҳосилдор, чидамли ва иқтисодий самарали ғўза навларини яратишда мустаҳкам илмий асос бўлиб хизмат қилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе