Илмий_лойиҳа

“ХОНАДОНБАЙ” ИЛМИЙ ЛОЙИҲАЛАР АГРАР СОҲА ИЛМ-ФАНИ ЮТУҚЛАРИНИ НАМОЙИШ ҚИЛМОҚДА
⏩Хабрингиз бор, жорий йил Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари томонидан аҳоли хонадонларида “Хонадонбай” илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мақсад, илм-фан ютуқларини бевосита аҳоли хонадонларида, шахсий томорқаларга татбиқ қилишдир. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги “Булоқбоши” маҳалласида 20 та хонадонда ўтказилаётган лойиҳа ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Эрта баҳорда лойиҳа иштирокчисига айланган хонадонларда 3 сотихдан 6 сотихгача бўлган майдонларда илмий муассасада яратилган картошканинг эртапишар “Ўзбекистон қизили” ва “Тошкент эртагиси” навлари экилди.
Картошка униб чиққандан сўнг хонадон эгалари билан биргаликда ушбу навларга хос бўлган агротехник тадбирлар ҳамда биометрик ва фенологик кузатувлар олиб борилди. Зарарли организмларга қарши профилактик ишлар ўтказилди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди, десак муболаға бўлмайди. Лойиҳа раҳбари, таниқли олим Камол Маматовнинг маълум қилишича, ҳосил йиғиб олингандан сўнг натижа таҳлил қилинганда “Ўзбекистон қизили” навидан бир туп ўсимликдан ўртача 1 килограмм 950гр ҳосил олинди. Олинган туганаклар фраксияларга ажратилганда истеъмол учун 1 килограмм 645 грамм уруғлик учун эса 310 грамм ажратилган.
Битта хонадондан ўртача истъемол учун 2 тонна 200 килограмм уруғлик учун эса, 180 килограмм картошка олинди. Лойиҳа доирасида олинган жами ҳосил яхлитлаб 1 гектарга ҳисобланганда ўртача 75-80 тоннани ташкил қилган.
“Тошкент эртагиси” навининг ҳосилдорлиги ҳам жуда юқори кўрсаткични ташкил қилган. Бир туп ўсимликдан ўртача 2 кг ҳосил олинди. Олинган туганаклар фраксияларга ажратилганда истеъмол учун 1килограмм 750 грамм, уруғлик учун эса, 300 грамм ажратилди. Битта хонадонда истеъмол учун ўртача 2 тонна 400 килограмм, уруғлик учун эса, 175 килограмм картошка олинди. Ушбу навнинг ҳосилини ҳам 1 гектарга яхлитлаб ҳисоблаганда натижа ўртача 80 тоннани ташкил қилган. Ушбу натижа лойиҳа иштирокчиларини мамнун қилди. Энди янгиқўрғонликлар картошканинг ўзлари экиб, натижасини кўрган маҳаллий навини кўпайтиришни режа қилдилар.
Лойиҳа доирасидаги ишлар қизғин давом этмоқда. Картошка ҳосили йиғиб олинган томорқаларда институтда яратилган бодринг навлари парвариш қилиниб, етилган сифатли ҳосил истеъмолчиларга пешма-пеш етказиб берилди. Шу кунларда эса бодрингнинг ўрнида учинчи экин сифатида турп ва шолғом етиштирилмоқда.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе