Илмий ютуқлар эътироф этилиб, янги вазифалар белгиланди

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, хусусан пахтачилик соҳасида илмий пойдеворга эга етакчи муассасалардан бири ҳисобланади. Айнан шу институтда бугунги кунга қадар тўрт юздан ортиқ ғўза навлари яратилган бўлиб, юздан ортиқ навлар оммавий экишга тавсия этилган. Ҳозирги вақтда юртимиз бўйлаб пахта экилаётган майдонларнинг қарийб 70 фоизида институт томонидан яратилган 30 та ғўза навлари етиштирилмоқда. Бу эса институт илмий жамоасининг кўп йиллик изланишлари ва фидокорона меҳнатлари самараси эканидан далолат беради.
Бугун ушбу илмий даргоҳда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишда институт фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилиниб, сўнгги йилларда эришилган ютуқлар яна бир бор эътироф этилди. Йиғилишни кириш сўзи билан очган Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров институт салоҳиятига юксак баҳо берар экан, қуйидагиларни таъкидлади: “Мазкур институт – пахтачилик соҳасининг юраги. Йиллар давомида яратилган ғўза навлари, уларнинг далаларда синовдан ўтказилиши ва амалиётга татбиқ этилиши институт жамоасининг машаққатли ва изчил меҳнатлари эвазига рўёбга чиққан. Ҳар бир нав – бу ўн-ўн беш йиллик илмий изланишлар, амалий тажрибалар ва замонавий ёндашувлар натижасидир. Олдимизда эса янги босқич турибди: инновацион услубларни кенг жорий этиш, рақамли технологияларни татбиқ қилиш, тупроқ-иқлим шароитларига мос селексия ишларини кучайтириш орқали пахтачиликни янги босқичга олиб чиқишимиз зарур. Вазирлик томонидан илмий муассасаларни қўллаб-қувватлаш, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва тадқиқотлар самарадорлигини ошириш доимий эътиборда бўлади.”
Йиғилиш давомида институт раҳбариятидаги ўзгаришлар муносабати билан ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Институт директори лавозимида самарали фаолият юритиб келган академик Намозов Шадман Эргашович Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори лавозимига тайинлангани боис Қишлоқ хўжалиги вазирининг тегишли буйруғига асосан, институт директори лавозимига Тошкент давлат аграр университети қишлоқ хўжалиги экинлари селексияси ва уруғчилиги кафедраси профессори Рахманкулов Мурод Саид-Акбарович тайинланди.
Йиғилиш якунида институт илмий жамоаси вакиллари сўзга чиқиб, Шадман Намозовнинг раҳбарлигида эришилган ютуқларни эътироф этиб, унга янги лавозимдаги фаолиятида муваффақият тиладилар. Шунингдек, янги директор Мурод Рахманкуловга ҳам илмий жамоа билан ҳамкорликда янада юксак марраларни забт этишда омад ва зафарлар тиланди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе