Илмий ёндашув ва замонавий агротехнологиялар — пахтачиликда юқори ҳосилдорлик омили

Тошкент вилояти Бўка туманида Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигида пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришиш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда илмий ёндашувни амалиёт билан уйғунлаштириш масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда Бўка тумани ва унга ёндош туманлардаги фермерлар, агрономлар, туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, олимлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида "Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та қонуни" асосида ғўза парваришининг бугунги масъулиятли босқичида амалга оширилиши зарур бўлган агротехник тадбирлар, суғориш ва озиқлантириш тизимини тўғри ташкил этиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, шунингдек, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажариш орқали ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар томонидан ҳар бир дала шароитидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни режалаштириш, сув ва минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш, ғўза ривожланиш босқичларига мос парвариш ишларини олиб бориш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш юзасидан илмий асосланган тавсиялар берилди.
Шунингдек, семинар давомида микропластик ифлосланиш, унинг тупроқ унумдорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири, антибиотикларга чидамлилик муаммоси ҳамда ғўза етиштиришда кремний ўғитларини қўллаш бўйича маҳаллий олимларнинг янги илмий ишланмалари иштирокчиларга тақдим этилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири дала ишларини белгиланган муддатларда, сифатли ва илмий ёндашув асосида ташкил этиш, илғор тажрибаларни кенг жорий этиш ҳамда ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида амалга ошириш мўл ва сифатли ҳосил етиштиришнинг энг муҳим шарти эканини таъкидлади.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олиб, илмий тавсияларни амалиётга жорий этиш бўйича фикр алмашдилар.
Илм-фан ютуқларини ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ва илғор тажрибаларни оммалаштириш пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг энг муҳим омилларидан бири бўлиб қолмоқда.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм