Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Илмий-техник кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Кенгаш раиси Шодмон Намозов очиб, Кенгаш йиғилишларида қабул қилинадиган қарорлар мамлакатимиз аграр илм-фанини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини, бугунги йиғилишда ҳам соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинишига алоҳида эътибор қаратди.
Йиғилишда дастлаб диссертация ишлари натижаларининг амалиётга жорий этилганлиги масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда Кенгаш аъзоси Икромжон Қорабоев ахборот берди. Унинг таъкидлашича, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига жами 84 та мурожаат келиб тушган. Шундан 26 таси дон, шоли ва дуккакли экинлар соҳасига, 48 таси техник экинлар ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш йўналишига, 10 таси эса мева-сабзавот ва доривор ўсимликлар соҳасига тўғри келади.








Қайд этилганидек, илмий ишларга оид ҳужжатлар ва маълумотномалар тўлиқ тақдим этилгани, шунингдек, илмий натижалар етарлича асослангани боис мазкур ишлар жорий этиш маълумотномасини бериш учун Илмий-техник кенгаш муҳокамасига тавсия этилди. Масала Кенгаш аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, овоз бериш йўли билан барча мурожаатлар бўйича ижобий қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида эълон қилиш учун тақдим этилган мавзулар муҳокамаси бошланди. Йиғилишнинг ушбу қисми қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Кенгашга тақдим этилган ҳар бир лойиҳа аъзолар томонидан чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг долзарблиги, давлат ва жамият учун аҳамияти ҳамда амалий самарадорлиги атрофлича баҳоланди. Жумладан, бир илмий муассаса томонидан тақдим этилган тўртта лойиҳадан фақат биттаси молиялаштиришга муносиб деб топилди. Шунингдек, бошқа лойиҳалар ҳам сараланиб, энг мақбул деб топилганлари кейинги босқичга тавсия этилди. Такомиллаштириш талаб этиладиган лойиҳаларни қайта ишлаш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Йиғилишда 2026-йил пахта ҳосили учун агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ташкил этиш мақсадида глифосат ва диурон таркибли кимёвий препаратларни қўллаш амалиёти, уларнинг таъсири ҳамда бу борадаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур препаратларни республика ҳудудига олиб кириш ва амалиётда қўллаш юзасидан илмий асосланган хулоса тайёрлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Кенгаш аъзолари пахта етиштиришда бегона ўтларга қарши глифосат таркибли препаратлардан, дефолиация ва дисекация жараёнларида эса “Диурон + тидиазурон” таркибли воситалардан фойдаланиш масаласини ҳам кўриб чиқиб, бу борада илмий хулоса бериш юзасидан таклифлар билдирди.
Йиғилиш якунида давлат дастурлари доирасида тақдим қилинган илмий лойиҳаларнинг долзарблиги, амалий аҳамияти ва иқтисодий самарадорлиги юзасидан кенг муҳокамалар ўтказилиб, энг истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда кейинги босқичга тавсия этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
