Илмий тавсиялар асосида бажарилган агротехник тадбирлар ҳосил тақдирини белгилайди

Айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ишчи ташриф билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турибди. Ташриф давомида вазир Амударё туманидаги пахта майдонларини кўздан кечирди. Вазирга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов ҳамроҳлик қилмоқда.
Далаларда олиб борилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишган вазир фермер хўжаликлари раҳбарлари билан мулоқот қилиб, айни кунларда бажарилиши зарур бўлган ишлар юзасидан амалий тавсиялар берди.
Таъкидланганидек, 1-августга қадар ғўзани белгиланган агробиологик кўрсаткичларга тўлиқ етказиш келгусидаги юқори ҳосилнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шу боис суғориш, озиқлантириш ва бошқа агротехник тадбирларни ўз вақтида ҳамда илмий тавсиялар асосида амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Хусусан, микроўғитлардан тўғри ва меъёрида фойдаланиш, уларни ўсимликнинг вегетация босқичидан келиб чиқиб қўллаш бўйича фермерларга аниқ тавсиялар берилди. Вазир бундай ёндашув ғўзанинг соғлом ривожланиши, ҳосилдорлик ва тола сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, дала маданиятига қатъий риоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, пахта майдонларини пластик чиқиндилардан тозалаш, далаларда экологик тозаликни таъминлаш ҳамда микропластикларнинг тупроқ унумдорлигига салбий таъсирининг олдини олиш ҳар бир фермернинг муҳим вазифаси экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, агротехник тадбирларни илмий тавсиялар асосида, ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мўл ва сифатли пахта ҳосилини етиштиришнинг энг муҳим омилларидан биридир.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм