ИЛМИЙ-ТАЖРИБА СТАНСИЯЛАРИ НАВ СИНАШ МАРКАЗИГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАСЛИГИ КЕРАК

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугун дунёдаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Боиси, аҳоли сони борган сари ортяпти ва сайёрамиздаги глобал иқлим ўзгаришлари қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил олишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатяпти. Бу эса соҳа олимларининг олдига янгича илмий ёндошувлар асосида ресурстежамкор, серҳосил навларни яратишни вазифа қилиб қўймоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, аграр соҳасининг илми бошқа соҳалардан фарқли равишда фақатгина илмий лабораторияларда кечмайди. Балки, илмий лабораториялардаги жараёнлар экин даласи билан узвий боғлиқ. Тадқиқотларнинг натижаси ҳам бевосита далада намоён бўлади.
⌛Шу боис Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий-тадқиқот институтларининг илмий-тажриба стансиялари зиммасида ҳам катта масъулият бор. Хўш, илмий-тажриба стансияларида фаолият кўрсатаётган илмий жамоалар бу масъулиятни нечоғлик ҳис қиляпти, соҳа илмини ривожлантиришга моддий-техник база қанчалик жавоб беради?
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази директори раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Навоий вилоятидаги илмий-тажриба стансияларида бўлиб, ушбу саволларга жавоб излади. Очиғини айтиш керак. Вилоятдаги илмий-тажриба стансияларининг ҳолати бугунги кун талабига жавоб бермайди.
Сўзимизни Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Навоий вилоятидаги илмий-тажриба стансияси мисолида давом эттирамиз. Стансия учун яқинда янги бино қуриб фойдаланишга топширилган. Ходимлар учун ишлашга шароит яратишу илмий лабораторияларни ташкил қилиб, зарур ускуналар билан жиҳозлаш ҳозирча галдаги вазифа бўлиб турибди.
Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов бинода яратилган шароитлар билан танишар экан, "стансия раҳбарияти узоқ йиллар давомида ўзибўларчилик кайфиятида ишлагани, шу пайтгача илмий ходимлар тузукроқ бинода ҳақиқий илм билан шуғулланиб, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос навлар яратиш ўрнига бош институтда яратилган буғдой навларини синаш ва тавсия беришдан нарига ўтмаган. Чунки илмий салоҳият доим паст бўлган. Бу ҳолат тизимдаги кўплаб стансияларга хос" дея кескин танқид қилди.
Шундан сўнг стансиянинг тажриба майдонларида бош институтда яратилиб, синовдан ўтказилаётган буғдой навларининг парвариши билан танишилди. Вернализация усулида тиндириб экилган буғдой навларининг оддий усулда экилган навлар билан ривожи таққослаб кўрилди ва янги усулда экилган буғдой майсаларининг ривожланиши олимлар томонидан эътироф этилди.
Яна бир гап. Ишчи гуруҳ дала маданиятида илмий муассасалар ўрнак бўлиши лозимлиги, дала четларида фойдаланилмай ётган ҳар қарич ернинг ҳисоб-китоби борлиги қайд этилди. Мавжуд камчиликларни берилган тавсиялар асосида бартараф этишга киришилди.
Илмий-тажриба стансиясининг машина-трактор парки ҳам кўздан кечирилди. Эътироф этиш керак. Бош институт томонидан стансияни самарали фаолият кўрсатиши учун замонавий техникалар билан таъминланган. Мавжуд техникалардан тўғри фойдаланиб, тўғри сақлаш зарур.
Ишчи гуруҳнинг ўрганиш якунида ушбу илмий-тажриба стансиясини қисқа муддатда намунали стансияга айлантиришга оид чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе