Илмий изланишлар – қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар юраги, аммо тизимда уйғониш зарур!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам изчил ва тезкор ривожланиш кузатилмоқда. Бу, албатта, соҳага илм-фан, замонавий технологиялар ва инновацион ёндашувларнинг чуқур сингиб бораётгани билан изоҳланади.
Бироқ шуни унутмаслик лозимки, тизимда ҳанузгача ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар мавжуд. Уларни аниқлаш ва бартараф этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Айни мақсадда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов бошчилигидаги ишчи гуруҳ кеча Шоличилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини ўрганди.
Мазкур институтда эътиборга молик ютуқлар талайгина: ресурс тежамкор, маҳаллий иқлимга мос шоли навлари яратилмоқда, халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бироқ ютуқлар соясида қолаётган муаммолар ҳам борлиги инкор этилмайди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари натижасида қуйидаги масалалар танқидий баҳоланди:
Лабораториялар: Халқаро молиявий институтлар ҳисобидан жиҳозланган замонавий лабораториялар мавжуд бўлса-да, улардан тўлиқ ва самарали фойдаланилмаяпти. Уларни бошқара оладиган юқори малакали илмий кадрлар етишмаяпти. Бу борада салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш зарур.
Кутубхона фаолияти: Институт кутубхонаси мавжуд бўлса-да, ундан фойдаланиш даражаси жуда паст. Илмий изланишларда назарий асосларнинг аҳамияти инобатга олинса, бу масалага жиддий эътибор қаратилиши лозим.
Бино инфратузилмаси: Илмий муассасанинг маъмурий биноси таъмирталаб. Яратилган шароитлар ижодий ва илмий муҳитга тўлиқ мос эмас.
Ободонлаштириш: Институт ҳудуди ободонлаштиришга муҳтож. Ташқи муҳитнинг ҳолати ижодий самарадорликка бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Маҳсулот сақлаш: Омборларда маҳсулотларни тўғри ва меъёрий шароитда сақлаш юзасидан камчиликлар мавжуд.
Тажриба майдонлари: Ўтказилаётган тадқиқотларда илмий ёндашув ва аниқ ҳисоб-китоб бўлиши зарур.
Мазкур ҳолатлар юзасидан ишчи гуруҳ томонидан институт раҳбариятига қисқа муддат ичида аниқланган камчиликларни бартараф этиш топшириғи берилди. Акс ҳолда, тегишли жиддий чора-тадбирлар кўрилиши қатъий таъкидланди.
Албатта, бу фақат бир институтдаги ҳолат. Бироқ бу – тизимдаги барча илмий муассасалар раҳбарлари учун жиддий огоҳлантирувчи сигнал бўлиши керак. Зеро, илм-фан соҳасида уйғониш вақти келди. Ҳар бир раҳбар, ҳар бир олим ўзини бу жараённинг фаол иштирокчиси деб билмоғи лозим.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе