Илғор технология ва интизомли агротехника — юқори ҳосил гарови

Ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги обектларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда дала майдонларида олиб борилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишиш мақсадида куни кеча ишчи ташриф билан Бухоро вилоятида бўлган қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бугун эрта тонгда Навоий вилоятига етиб келди.
Ташриф дастурига мувофиқ, вазир дастлаб Қизилтепа туманидаги "Ванғози-Агроекспо" фермер хўжалигининг пахта майдонларини кўздан кечирди.
Мазкур хўжаликнинг 45 гектар майдонида хорижий технологиялар асосида экилган ғўза томчилатиб суғориш тизими орқали парваришланмоқда. Бугунги кунда ғўзанинг бўйи 95 сантиметрга етгани, агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда ва талаб даражасида бажарилаётганидан далолат беради.
Даладаги мулоқот чоғида фермер ғўза етиштиришда белгиланган 8 та муҳим агротехник талабнинг барчасига тўлиқ амал қилинаётганини, ҳар бир иш босқичма-босқич ва режа асосида ташкил этилганини маълум қилди.
Шундан сўнг Иброҳим Абдураҳмонов далаларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳар бир гектардан олинадиган ҳосилнинг асосий омили эканини таъкидлади.
«Бугун натижа бераётган фермерлар, аввало, агротехника талабларига тўлиқ риоя қилаётган фермерлардир. Илғор технологиянинг самараси ҳам унга масъулият ва интизом билан ёндашилгандагина кўринади. Ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида бажарилса, бу йилги ҳосил ҳам кутилган натижани беради», — деди вазир.
ℹТашриф давомида сувдан самарали фойдаланиш, томчилатиб суғориш технологиясининг афзалликлари, ғўзанинг вегетация жараёни ва агротехник тадбирларнинг кейинги босқичлари ҳам муҳокама қилинди.
Шунингдек, илғор тажрибаларни бошқа хўжаликларда ҳам кенг оммалаштириш, ҳар бир фермернинг масъулияти ва амалий ёндашувини янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм