Ички_туризм

Орзулар шаҳрига саёҳат
Самарқанд — дунё сайёҳларининг орзусидаги шаҳар. Шу боис, бу қадимий ва ҳамиша навқирон кент доим саёҳатчилар билан гавжум. Ўрта асрларга хос, ўтмишдан гувоҳлик берувчи меъморий обидалар ҳар бир саёҳатчини ҳайратга солади, уни ноёб тарих ва маданият оламига чорлайди.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг бир гуруҳ ходимлари ҳам дам олиш кунларини мароқли ўтказиш мақсадида Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат уюштиришди. Саёҳат давомида улар нафақат шаҳарнинг диққатга сазовор манзилларини кўздан кечиришди, балки унинг бетакрор муҳити ва маданий руҳини ҳам ҳис қилишди.
Марказ жамоаси аввал дунёга машҳур Регистон майдонида бўлишди. Бу ердаги Улуғбек мадрасаси, Шердор мадрасаси ва Тиллакори мадрасаси каби ёдгорликлар уларда катта таассурот қолдирди. Ҳар бир бинонинг ўзига хос нақшлари ва меъморий ечимлари меҳмонларни ўтмишга, буюк бобокалони даврига олиб кирди десак, муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари, саёҳатчилар Самарқанднинг яна бир бебаҳо хазинаси — Шоҳи Зинда мажмуасини зиёрат қилишди. Бу ердаги нафис нақшлар, тарихий қабр тошлари ва сукунат бир зиёратчига гўё умрнинг абадий эмаслиги, ўзликни англаш, инсон қисқа умри давомида икки дунё саодатига эришмоқ учун яхшиликлар қилмоқлиги зарур эканлигини англатиб туради.
Самарқанд сафари давомида марказ жамоаси Шарқ ва Ғарб ўртасидаги қадимий савдо маркази бўлган Сиёб бозорида ҳам бўлиб, шаҳарнинг ҳозирги ҳаёти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлишди.
Янги замон нафаси ва миллий қадриятлар уйғунлашган Самарқанд туризм масканидаги саёҳат ҳам жамоага катта таассурот бағишлади.
Шунингдек, марказ ходимлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилишди. У зотнинг хизматлари ва хотирасига нисбатан ҳурмат туйғулари билан ташриф буюришди.
Айниқса, бу саёҳат марказ ходимларининг фарзандлари учун эсда қоларли кун бўлди. Улар нафақат Самарқанднинг гўзал обидаларини томоша қилишди, балки мазали шарқона таомлардан баҳраманд бўлишди ва миллий тарих ҳамда маданиятга бўлган қизиқишлари янада ошди.
Бундай саёҳатлар инсон қалбига унутилмас хотиралар қолдиради. Самарқандга уюштирилган ушбу саёҳат ҳам Миллий марказ ходимлари ҳаётидаги унутилмас бир саҳифага айланди.
Янгиликларимиздан биринчилардан бўлиб хабардор бўлиш учун саҳифамизга обуна бўлишни унутманг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе