





ИКАРДА (Қуруқ минтақаларда қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро тадқиқот маркази) томонидан эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимига кирувчи Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти сўнгги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш бўйича салмоқли натижаларга эришган.
Ҳисоботда қайд этилишича, институт олимлари сўнгги беш йилда 45 та илмий ва амалий лойиҳани амалга ошириб, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли, касалликларга бардошли буғдой, арпа, нўхат ва ёғли уруғлик экин навларини яратган. Улар орасида “Танҳо”, “Ихлос”, “Ягона”, “Шукрона”, “Зилол” ва “Обод” каби янги навлар алоҳида самара бермоқда.
Институт директори Диёр Жўраев ҳисоботда келтирилган фикрларни изоҳларкан, "Иқлим ўзгариши шароитида сув тежайдиган технологиялар ва чидамли навлар фермерлар манфаатлари учун муҳим. Биз яратадиган ҳар бир илмий иш деҳқон даласида фойда бериши керак,” дейди.
ИКАРДА маълумотларига кўра, институтда халқаро ҳамкорлик кенгайтирилиб, Инновация платформаси ташкил этилмоқда. Бу тизим олимлар, фермерлар ва давлат ташкилотлари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиб, янги ечимларни тезкор татбиқ этиш имконини бермоқда.
Ҳисоботда 2023-йилда институт томонидан фермерларга 260 тоннадан ортиқ элита буғдой уруғи етказиб берилгани қайд этилган. Шунингдек, ФАО ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида жорий этилган но-тилл (плугсиз) экиш технологияси фермерларга ҳар гектарда ўртача 100 АҚШ долларигача тежамлилик имконини берган.
2024-йил давомида институт мутахассислари 200 дан зиёд фермер ва кластер вакиллари учун агротехнология, биотехнология, уруғчилик ҳамда сув тежаш усуллари бўйича ўқув-семинарлар ташкил этгани ҳам қайд этилган.
— Қишлоқ хўжалигида илм ва амал уйғунлиги — барқарор озиқ-овқат хавфсизлигининг гаровидир. Қашқадарё тажрибаси Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам татбиқ этилиши мумкин,
—дея таъкидлайди ҳисоботда ИКАРДА эксперти Бубакер Деҳиби.
Ҳисобот хулосасига кўра, Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти томонидан яратилган янги навлар ва технологиялар нафақат илмий аҳамиятга, балки иқтисодий самарадорликка ҳам эга бўлиб, илм натижаси деҳқон даласида фойда берган тақдирдагина ҳақиқий натижа саналади.
