Иброҳим Абдураҳмонов — 2026-йилги Жаҳон қишлоқ хўжалиги мукофоти лауреати!

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири, таниқли олим, академик Иброҳим Абдураҳмонов “Ривожланаётган иқтисодиётлар” йўналиши бўйича 2026-йилги ГЧЕРА Жаҳон қишлоқ хўжалиги мукофоти (Wорлд Агрикултуре Призе) лауреати деб топилди.
Мазкур нуфузли халқаро мукофот олимнинг қишлоқ хўжалиги фани, биотехнология, инновация, таълим ва давлат бошқаруви соҳаларидаги кўп йиллик илмий-амалий фаолияти, аграр маҳсулдорликни ошириш, илмий салоҳиятни юксалтириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қўшган салмоқли ҳиссасининг халқаро эътирофи бўлди.
Иброҳим Абдураҳмоновнинг илмий фаолияти пахта геномикаси, молекуляр генетика, генетик хариталаш, маркерларга асосланган селексия, биоинформатика ва биотехнология каби замонавий йўналишларни қамраб олади. Олимнинг ўсимликлардаги генетик механизмларни ўрганишга қаратилган тадқиқотлари пахтанинг муҳим ген оилаларини аниқлаш ва тавсифлаш, шунингдек, “Порлоқ” туркумига мансуб пахта навларини яратишга хизмат қилди.
Ушбу навлар эртапишарлиги, тола сифатининг яхшилангани ва мураккаб экологик шароитларга бардошлилиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида олиб борилган тадқиқотлар натижасида пахта генофондидаги генетик хилма-хилликни чуқур ўрганиш имкониятлари кенгайди. Генетик боғлиқлик ва ассоциатив хариталаш усуллари орқали тола сифати ҳамда иқтисодий аҳамиятга эга бошқа белгилар билан боғлиқ ДНК-маркерлар аниқланиб, замонавий селексия жараёнларини такомиллаштириш учун муҳим илмий асослар яратилди.
Таъкидлаш жоиз, Иброҳим Абдураҳмонов ташаббуси билан 2012-йилда Ўзбекистон Геномика ва биоинформатика маркази ташкил этилган. Бугунги кунда мазкур марказ геномика, молекуляр селексия, биоинформатика ва биотехнология соҳаларида минтақадаги етакчи илмий муассасалардан бири сифатида фаолият юритмоқда.
Марказда халқаро университетлар ва илмий-тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликда пахта, буғдой, картошка, боғдорчилик экинлари ва бошқа муҳим аграр йўналишларда илмий изланишлар олиб борилмоқда.
Олимнинг фаолиятида ёш тадқиқотчиларни тайёрлаш, замонавий илмий мактабларни шакллантириш ва геномика, протеомика, биоинформатика ҳамда биотехнология соҳаларида юқори малакали кадрлар салоҳиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Таълим, илмий раҳбарлик ва халқаро ҳамкорлик лойиҳалари орқали Марказий Осиёдаги талабалар ва ёш тадқиқотчиларнинг замонавий лабораториялар, илғор селексия технологиялари ҳамда халқаро илмий тармоқлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди.
2013-йилда таъсис этилган Қишлоқ хўжалиги ва табиат фанлари бўйича олий таълим ассоциациялари глобал конфедерацияси (ГЧЕРА)нинг Жаҳон қишлоқ хўжалиги мукофоти қишлоқ хўжалиги ва инсон фаровонлигига илмий кашфиётлар, етакчилик, инновациялар ҳамда амалий фаолият орқали салмоқли ва узоқ муддатли ҳисса қўшган олим ва мутахассисларга берилади.
2026-йилги мукофотнинг Иброҳим Абдураҳмоновга топширилиши Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фани, генетика ва биотехнология соҳаларида эришилаётган натижаларнинг халқаро миқёсдаги яна бир юксак эътирофидир. Лауреатларни тақдирлаш маросими 2026-йил 28-октабр куни Нанкин қишлоқ хўжалиги университетида ўтказилиши кўзда тутилган.
Расмий саҳифаларимизни кузатиб боринг.
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок|Ёутубе