Ҳозирлик

Энергия самарадорлиги ва “яшил” қувватлардан унумли фойдаланиш муҳокамалар марказида
Ёз фаслининг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди. Эрта-индин бошланадиган куз фасли эса бир пасда қор-қировли қишга туташиб кетади. Шу боис қишки мавсум учун ҳозирданоқ пухта тайёргарлик кўриш лозим. Бугун Миллий марказда ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш ҳам айни мавзуга бағишланди ва мавжуд ҳолат таҳлил қилинди.
Маълумот учун айтиш керакки, бугун Миллий марказ биносидан тортиб, тизимдаги барча илмий муассасаларда қуёш панеллари ўрнатилиб, “яшил”қувватдан самарали фойдаланилмоқда.
– Бироқ бу етарли эмас. Биз энергия самарадорлигини фақатгина қуёш панелларини томга ўрнатиш деб тушунмаслигимиз керак. Тизимда ишлатиладиган ҳар бир кВт энергияни тежаш чораларини кўришимиз, юқори энергия истеъмол қилувчи чироқлардан тортиб, агрегатларимизгача энергия тежамкор ва замонавийларига алмаштиришимиз зарур. Қолаверса, олимларимиз қиш фаслида шахсий томорқаларда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш учун фақатгина қуёш нури билан иситилиб, тунда иссиқликни сақловчи юқори самарали ихчам иссиқхоналар конструксияси устида ишлашлари шарт. Бир сўз билан айтганда, энергия самарадорлигига биз энергияни тежаб эришамиз. Буни ўз хонадонимиздан бошлашимиз керак. Биноларимизда ҳеч қандай зарурациз кун бўйи ёниб турган чироқ ҳамёнга ҳам, иқтисодга ҳам қанчалик зарар эканлигини англаш керак. Зотан, тежалган ҳар бир кВт энергия биз учун фойда келтиради, – деди Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов.
Шунингдек, кенгайтирилган йиғилишда кузги-қишки мавсумни беталофат ўтказиш учун зарур чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Таклиф ва ташаббуслар тингланиб, қисқа муддатда махсус дастур ишлаб чиқиш белгиланди. Илмий муассасаларда қуёш панеллари орқали олинаётган “яшил” қувват нафақат ташкилотларнинг энергия харажатларини тежаши балки ортиқча қувватни сотиб, энергетика тизимини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилиши таъкидланди.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе