Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Ҳосилдорликни ошириш — илмий ёндашув ва масъулиятли меҳнат натижаси

Ҳосилдорликни ошириш — илмий ёндашув ва масъулиятли меҳнат натижаси
Бухоро вилоятида амалий ташриф билан бўлиб турган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида Вобкент тумани ҳокимлиги биносида видеоконференсалоқа шаклида республика семинари ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, ҳудудий қишлоқ хўжалиги бошқармалари раҳбарлари, фермер хўжаликлари ва кластерлар вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда олимлар иштирок этди. Семинарда пахта етиштиришда ҳосилдорлик ва сифат кўрсаткичларини ошириш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда қайд этилганидек, ғўза парваришидаги ҳар бир агротехник жараён якуний ҳосилга бевосита таъсир қилади. Шу боис мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, дала ишларини илмий ёндашув асосида ташкил этиш ҳамда ҳудудларда назоратни кучайтириш бўйича масъулларга вазифалар белгиланди. Семинарда ғўзаларни белгиланган ривожланиш даражасига етказиш, ҳосилнинг бир маромда пишишини таъминлаш мақсадида этефон препаратини илмий тавсиялар асосида қўллаш, шунингдек суғориш, озиқлантириш, култивация, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ва сифатли бажариш зарурлиги таъкидланди. Мулоқот давомида ҳудудлардаги ишлар самарадорлиги юзасидан вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосарлари билан фикр алмашилди. Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари — Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори Ориф Бўтаев яйлов хўжаликларини ривожлантириш, чорвачилик тизимини такомиллаштириш ҳамда наслдор чорва молларини олиб келиш бўйича яратилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берди. Семинарда ғаллачилик йўналишидаги устувор вазифалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, келгуси мавсум ҳосили учун ғалла экиш ишларига тайёргарлик, уруғлик донни саралаш, яровизация жараёнларини ўз вақтида ташкил этиш ҳамда уруғликларни замонавий омборларда сақлаш бўйича топшириқлар берилди. Таъкидланганидек, замонавий қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришиш илм-фан, инновациялар ва илғор агротехнологияларни кенг жорий этиш билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис фермерлар, агрономлар ва мутахассисларнинг янги билим ва тажрибаларни ўзлаштириши муҳим аҳамиятга эга. Семинар якунида ҳудудлар кесимида белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда юқори ва сифатли пахта-ғалла ҳосилини таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.