Ҳосил тақдирини ҳал қиладиган 30 кун

Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти тажриба майдонида “Ғўза парваришида долзарб 30 кун” ташаббуси доирасида амалий дала семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Чимбой тумани ҳокими, фермер хўжаликлари раҳбарлари, аграр соҳа мутахассислари ҳамда олимлар иштирок этди.
Тадбир давомида ғўзанинг айни вегетация даврида ҳосил тақдирини белгилайдиган энг муҳим агротехник тадбирлар муҳокама қилинди. Мутахассислар суғориш режимини илмий асосда ташкил этиш, минерал озиқлантиришни меъёр асосида олиб бориш ҳамда қатор оралари ишловини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича амалий тавсиялар берди.
Таъкидланганидек, айнан ушбу 30 кунлик даврда агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш мева элементларининг сақланиб қолиши, кўсаклар сонининг ортиши ва юқори, сифатли ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Семинар якунида иштирокчилар тажриба майдонларида олиб борилаётган илмий-амалий ишлар билан танишиб, ғўза ҳосилдорлигини оширишга хизмат қиладиган замонавий агротехнологиялар юзасидан фикр алмашдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе