Ҳалол меҳнат инсонни улуғлайди

Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида тизим жамоатчилиги учун аҳамиятли ва бироз ҳаяжонли тадбир — Миллий марказ директори ўринбосари, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Аманов Ойбек Анварович билан хайрлашув маросими бўлиб ўтди. Тадбирда ЗООМ платформаси орқали тизимдаги барча илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ва олимлар иштирок этди.
Йиғилишни Миллий марказ директори, академик Шодмон Намозов кириш сўзи билан очар экан, Ойбек Амановнинг қишлоқ хўжалиги илм-фани ва тармоқ ривожи йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ташаббускорлиги ва фидойилиги ҳақида алоҳида тўхталди. Шунингдек, у профессор Ойбек Аманов эндиликда Қашқадарё вилояти ҳокимининг чўл ҳудудлари ва аграр соҳага инвестицияларни жалб қилиш бўйича ўринбосари лавозимида фаолият бошлаётганини таъкидлаб, бу катта ишонч ва юксак масъулият эканини қайд этди.
Академик Шодмон Намозов сўзи давомида: “Ҳалол меҳнат инсонни улуғлашини Ойбек Аманов мисолида кўряпмиз. У ёш бўлишига қарамасдан, ўзининг меҳнацеварлиги, юқори илмий салоҳияти ва талабчанлиги орқали бугунги даражага эришди”, — дея таъкидлади. Шунингдек, у Ойбек Амановнинг кўп йиллик илмий ва амалий тажрибаси янги вазифада ҳам ҳудуд қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инвестицион лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда чўл ҳудудларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди.
Таъкидланганидек, Ойбек Аманов раҳбарлик фаолияти давомида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, инновацион ғояларни амалиётга жорий этиш, илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муносиб ҳисса қўшди.
Йиғилишда сўз олган тизимдаги қатор илмий муассасалар раҳбарлари ва олимлар Аманов Ойбек Анваровичнинг нафақат билимли ва тажрибали раҳбар, балки инсоний фазилатлари билан ҳам жамоа орасида катта ҳурмат қозонганини таъкидладилар. Унинг ёш олимларга бўлган эътибори, ҳар бир масалага чуқур ёндашуви, талабчанлиги билан бирга самимий муносабати ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
Тадбир давомида профессор Ойбек Амановнинг соҳа ривожи йўлида амалга оширган ишлари, илмий фаолияти ва тармоқдаги самарали меҳнати эътироф этилди. Қатнашчилар унинг келгуси фаолиятида ҳам улкан ютуқлар, мустаҳкам соғлиқ ва янги зафарлар тиладилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе