Ғўза ҳосили бугунги парваришга боғлиқ: Қашқадарёда илмий ёндашувга асосланган амалий семинар ўтказилди

Хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ишчи ташриф билан Қашқадарё вилоятида бўлиб, ҳудудлардаги ғўза майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирлар билан танишмоқда.
Ташриф дастурига мувофиқ, Қарши туманидаги "Баҳодир Нуриддин барака" фермер хўжалиги дала майдонида олимлар, агрономлар, аграр соҳа мутасаддилари, агрокластерлар вакиллари, фермерлар ҳамда деҳқонлар иштирокида кенг қамровли амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда айни кунларда ғўза парваришида амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар, суғориш ва озиқлантириш тизимини тўғри ташкил этиш, шунингдек, "Пахтачиликда юқори ҳосилдорликка эришишнинг 8 та қонуни" асосида ҳосилдорликни ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мутахассислар ҳар бир дала майдонининг тупроқ-иқлим шароити ва ғўзанинг ривожланиш фазасидан келиб чиқиб агротехник тадбирларни режалаштириш, ўсимликни илмий асосда парваришлаш ҳамда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий тавсиялар бердилар. Семинар қатнашчилари дала шароитида олиб борилаётган агротехник жараёнларни бевосита кузатиб, мутахассислар билан фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Семинарда сўз олган Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов бугунги кунда ҳар бир кун ва ҳар бир агротехник тадбир келгуси ҳосил тақдирини белгилашини алоҳида таъкидлади.
"Ғўза юқори ҳосилни тасодифан бермайди. У илмга асосланган парвариш, интизом ва меҳнат натижасида ҳосил беради. Бугун далада йўл қўйилган ҳар бир хато кузда ҳосилда ўз аксини топади. Шунинг учун ҳар бир фермер агроном тавсияларига таяниб ишлаши, ҳар бир қарорни илм асосида қабул қилиши зарур", — деди вазир.
Шунингдек, вазир бу каби амалий семинарларнинг асосий мақсади фақат назарий билим бериш эмас, балки фермерларнинг ҳар бир майдонда тўғри қарор қабул қилишига кўмаклашиш, илмий ишланмаларни тўғридан-тўғри ишлаб чиқаришга жорий этиш эканини таъкидлади.
Семинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга олимлар ва мутахассислардан атрофлича жавоб олдилар. Таъкидланганидек, бундай амалий мулоқотлар фермерларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, агротехник тадбирларни сифатли ташкил этиш ҳамда жорий йилда пахтадан юқори ва сифатли ҳосил етиштиришга хизмат қилади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм