ФОРУМ

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) раҳбари Суй Дунюй Миллий марказга ташриф буюрди
Хабарингиз бор, шу кунларда пойтахтимизда “Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш мақсадлари” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтяпти.
Ушбу халқаро форум доирасида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) раҳбари Суй Дунюй Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Суй Дунюй ҳамда форум иштирокчиларига Марказ ташкил этилишининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Шунингдек Миллий марказ ҳудудида жойлашган Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик маркази ҳам кўздан кечирилди.
Хорижлик меҳмонлар Миллий марказда ташкил этилган “Агроинновацион технологиялар ва илмий ёндашувлар” деб номланган кўргазмада ҳам иштирок этди. Кўргазмада Миллий марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари ўзларининг 500 дан ортиқ илмий ишланмаларини намойиш қилди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов сўнгги йилларда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига ҳамда қурғоқчиликка чидамли экин навларини яратиш, нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган инновацион ва илмий ишланмалар ҳақида меҳмонларга сўзлаб берди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз аграр соҳа олимлари томонидан эришилган ютуқлар соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган илмий изланишлар натижалари меҳмонларни, хусусан Суй Дунюйни ҳам бефарқ қолдирмади. Айниқса, полиз маҳсулотларининг мазасини эътироф этди.
⌛ Куннинг иккинчи қисмида эса форумда иштирок этаётган давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирлари Миллий марказга ташриф буюриб, кўргазмага қўйилган илмий ишланмалар, Марказ ҳудудида Ўмон султонлиги билан ҳамкорликда ташкил этилиб, халқаро миқёсда фаолият кўрсатаётган лаборатория, шунингдек, Корея Республикаси билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган Замонавий агротехнологиялар ўқув маркази билан ҳам яқиндан танишди. Бу ерда олиб борилаётган илмий ва инновацион фаолиятларни хорижлик меҳмонлар юқори баҳолашди.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе