Драйвер_илмий_лойиҳалар

Ўзбекистонда хорижий пахта навлари асосида юқори ҳосил олиш бўйича инновацион тадқиқотлар давом этмоқда
Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида драйвер илмий лойиҳаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, профессор Феруза Ҳасанова иштирок этиб, “Хорижий ғўза навларидан Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида юқори ҳосил олишнинг замонавий инновацион агротехнологияларини ишлаб чиқиш” мавзусидаги драйвер илмий лойиҳа доирасида олиб борилаётган тадқиқотлар ҳақида маълумот берди.
Лойиҳа доирасида Туркия, Хитой ва Ҳиндистон селексиясига оид 24 та хорижий ҳамда 2 та маҳаллий пахта навлари танлаб олиниб, уларнинг ниҳоллари тўлиқ ўстирилди ва кучайтирилган карантин тартибида тажриба майдонларига экилди. Ҳозирда бу майдонларда фенологик кузатувлар олиб борилмоқда.
Профессор Феруза Ҳасанованинг таъкидлашича, олиб борилган бир йиллик тадқиқотлар натижасида Хитойнинг Хин Лу Зҳонг 52 ва Хин Лу Зҳонг 78 навлари ҳосилдорлик, касалликларга чидамлилик, мослашувчанлик каби кўрсаткичлари билан ажралиб чиққан. Айни пайтда ушбу навлардаги кўсак қурти ва гербицидларга чидамли генларни маҳаллий навларга ўтказиш устида илмий ишлар олиб борилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — хорижий навларнинг Ўзбекистон шароитига мослашувчанлигини аниқлаш, тупроқ таҳлиллари асосида агротехнологик тавсиялар ишлаб чиқиш, фенологик кузатувлар асосида энг мос навларни танлаб олиш, шунингдек, турли ҳудудларда хорижий навларнинг ўсишига оид илмий таҳлилларни тайёрлашдир. Шу асосда ҳар бир нав учун тупроқ-иқлим шароитига мос замонавий агротехник усуллар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Айни пайтда лойиҳа Тошкент ва Андижон вилоятларида амалга оширилмоқда. Давра суҳбати давомида иштирокчилар лойиҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, илмий ёндашув юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе