
Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида илк бор чиа (чия) экини кичик тажриба майдончасида экилиб, уруғини кўпайтириш ишлари бошланди. Тажрибанинг мақсади — чиа ўсимлигини маҳаллий иқлим шароитида ўстириш имкониятларини ўрганиш ва уни истиқболли экин сифатида жорий этишдир.
Чиа уруғи ўсимлик толалари, оқсиллар, витаминлар ва минералларга бой. У ичак фаолиятини нормаллаштиради, таркибидаги антиоксидантлар эса ҳужайраларни зарарли таъсирдан ҳимоя қилади.
Фойдали жиҳатлари:
- Ортиқча вазндан қутулишга ёрдам беради.
- Юрак фаолиятини қўллаб-қувватлайди, холестерин миқдорини камайтиради.
- Омега-3 ва омега-6 ёғ кислоталарига ниҳоятда бой.
Бундан ташқари, чиа ўсимлигининг яшил биомасса қисми чорвачиликда юқори озиқавий қийматга эга ем сифатида фойдаланилиши мумкин.
Институт олимлари фикрича, бу тажриба келгусида Жанубий минтақаларда чиа экинини маҳаллийлаштириш ва фермер хўжаликлари учун янги имкониятларни яратишга хизмат қилади.
