Бугун 21-октабр — Ўзбек тили байрами куни. Аввало, бугунги қутлуғ айём – Ўзбек тили байрами билан сизларни чин қалбимдан табриклайман.

Инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўтабардир.
Халқимиз тафаккурининг тиниқ кўзгуси бўлган бу бебаҳо хазинани асраб-авайлаш ва ривожлантириш бугунги кундаги энг шарафли вазифаларимиздан биридир.
Ўзбек тили – халқимизнинг бирлиги ва яхлитлиги, жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Миллий маданиятимиз ва ўзига хослигимизни ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мазкур тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифадир.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам ўзбек тилининг нуфузини мустаҳкамлаш, давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш ҳамда қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишига эришиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз лозим.
Ўзбек тили — Ўзбекистон тили! Давлат сифатида уни ҳимоя қиладиган, тараққиётини, қонуний асосларини тўлиқ таъминлайдиган ҳам мана шу Ватан!
Бу бизга янада ватан туйғусини жўш урдиради ва тилимизга бўлган меҳр-муҳаббатни кучайтиради. Шу ўринда айтиш жоизки, ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди десак муболаға бўлмайди.
Яна бир бор барчангизни ушбу айём билан самимий қутлайман.
Ҳурмат билан, Иброҳим Абдураҳмонов
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм