Бошоқли дон экинлари: Илмий ёндашув ва юқори ҳосилдорлик сари

Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳосилдорликни ошириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш мақсадида ҳудудларда семинарлар ташкил этилмоқда.
Шу кунларда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бўлими бошлиғи Абдулла Мансуров бошчилигида бир гуруҳ олимлар ва мутахассислар бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича ўқув семинарларини ўтказмоқда. Ушбу семинарларнинг асосий мақсади – ғалла етиштириш бўйича илғор агротехник тадбирларни фермер ва кластер вакилларига етказиш, ҳосилдорликни ошириш ва замонавий ёндашувларни оммалаштиришдир.
Навбатдаги семинар Қорақалпоғистон Республикасининг Хўжайли туманида бўлиб ўтди. Унда фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластер вакиллари ва соҳага масъул мутахассислар иштирок этди.
Долзарб масалалар муҳокамаси
Семинарни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ғаллачилик ва дуккакли дон экинлари бўлими бошлиғи Абдулла Мансуров очиб, ғалла парваришида ҳозирги кунда эътибор қаратилиши керак бўлган асосий йўналишлар хусусида сўз юритди.
Шундан сўнг, Миллий марказ бўлим бошлиғи Ўлмасбой Собитов томонидан “Ҳудудларда экилган кузги буғдой навларидан келиб чиқиб, юқори ҳосил етиштиришда қўлланиладиган замонавий агротехник тадбирлар” мавзусида тақдимот ўтказилди. У ўз чиқишида тупроқ унумдорлигини ошириш, оптимал ўғитлаш тизими ва агротехник тадбирларни тўғри ташкил этиш бўйича илмий асосланган тавсияларни берди.
Ғаллани озиқлантириш ва ҳосилдорликка таъсири
Миллий марказ тизимидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Ғуломжон Узоқов эса “Ғаллани макро ва микроелементлар билан бойитилган препаратлар ёрдамида суспензия усулида баргдан озиқлантиришнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди. У экинларнинг ривожланиш босқичларида озиқлантириш тизимининг ўрни, ҳосилдорликка таъсири ва самарадорлигини ошириш усуллари ҳақида тушунтириш берди.
Семинар давомида ғалла етиштирувчи кластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари назарий билимларини бойитиш билан бирга, тажрибали мутахассислар раҳбарлигида амалий машғулотларда иштирок этишди. Улар ҳосилдорликни ошириш бўйича илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувлар ҳақида муҳим тавсиялар олдилар.
Ушбу семинар ҳудудий фермерларнинг малакасини ошириш, ҳосилдорликни барқарорлаштириш ва сифатли экин етиштириш бўйича самарали платформа бўлди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе