Биз бу ерда бизнес эмас, ишонч қурмоқдамиз” — деди кореялик ҳамкор

Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Жанубий Кореянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги етакчи ташкилотлари иштирокида семинар бўлиб ўтди. Тадбирни Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров очиб берди.
У ўз сўзида КОАМИ, КРК, ЭПИС, КИАТ, КОИКА каби Кореянинг нуфузли агентлик ва корпорациялари вакиллари билан учрашувдан мамнунлигини билдириб, Корея билан амалга оширилаётган “Смарт Фарм” лойиҳалари нафақат техник ёрдам, балки билим ва инновация алмашинуви, соҳанинг илмий келажагини шакллантириш ҳамда Ўзбекистонни минтақавий етакчига айлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Семинарда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, Корея билан амалга оширилаётган қатор ташаббуслар — билим алмашуви, кадрлар тайёрлаш ва илғор технологияларни амалиётга жорий этишда муҳим пойдевор бўлмоқда.
Жумладан, ҳозирда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар қаторида:
КРК ва ДИКА ҳамкорлигидаги 3,7 млн долларлик “Ўзбекистонда мева-сабзавотчиликда илғор технологиялар ўқув марказини ташкил этиш”;
КОАМИ, КИАТ, КАМТИК ва Агро Солутион Кореа иштирокидаги 14 млн долларлик “Ақлли қишлоқ хўжалиги саноат технологиялари инновацион маркази”;
ЭПИС агентлигининг 3,7 млн долларлик “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кўчатлар етиштириш маркази” лойиҳаси бор.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов лойиҳалар кластерлашган ёндашувга асосланганини таъкидлади. Бу эса агро-таълим, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштирган ҳолда “ақлли” фермерликни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.
Марказ директори ўринбосари Бунёд Мамараҳимов эса бундай ҳамкорликнинг асосий мақсади фермерларимизни замон талабига мос ечимлар билан таъминлаш эканини таъкидлади.
Семинар якунида Агро Солутион Кореа компанияси вакили Ким Жон Хо сўзга чиқиб, Жанубий Кореянинг тажрибаси, Ўзбекистондаги аграр ислоҳотларга муносабати ва келгусидаги режалар ҳақида тўхталди.
— Биз бу ерда бизнес эмас, ишонч қурмоқдамиз. Ўзбекистон аграр соҳаси — келажаги катта, барқарор ривожланиш салоҳиятига эга соҳадир, — деди у.
Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги аграр ҳамкорлик лойиҳалари ортида фақат молия ёки технология эмас — ишонч, билим ва келажакка қаратилган яқин муносабат турибди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе