Бир асрлик тарих — янги мазмун: Тошкентда Замонавий санъат маркази очилди

Тошкентда Замонавий санъат марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маскан Марказий Осиёда замонавий санъатга ихтисослашган, доимий фаолият юритувчи илк маданий муассаса сифатида ўз фаолиятини бошламоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева нутқ сўзлади.
Маълум қилинганидек, мазкур маскан давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакат маданий ҳаётини янги босқичга олиб чиқиш, замонавий санъатни ривожлантириш ва халқаро маданий мулоқотни кенгайтириш мақсадида ташкил этилди.
Замонавий санъат маркази бир асрдан ортиқ тарихга эга бўлган тарихий саноат объекти негизида барпо этилди. 1912 йилда қурилган бино дастлаб трамвай депоси, кейинчалик дизел электр стансияси сифатида фойдаланилган. Бугун эса унинг тарихий меъморий қиёфаси сақланган ҳолда янги маданий маконга айлантирилди.
Марказда замонавий санъат, меъморчилик, таълим ва тадқиқот йўналишлари уйғунлашади. Бу ерда кўргазма заллари, таълим майдонлари, кутубхона, тадқиқот инфратузилмаси ҳамда жамоатчилик учун очиқ маконлар фаолият юритади.
https://t.me/Rasmiy_axborot_official