Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!

Аграр соҳанинг фидойи олимлари! Қадрли бобо-деҳқонлар!
Мана бугун юртимизда муборак Рамазон ойи ниҳоясига етиб, бир ой давомида рўза тутиб қалбан ва руҳан покланган юртдошларимиз ҳайит байрамини нишонламоқда. Бугунги ҳайит намозини адо қилган мусулмон юртдошларимиз ватанимизнинг тинчлиги, кўнгилилларга хотиржамлик, дилларга сурур ва юртга барокат сўраб дуо қилдилар. Мана шундай фазилатли онларда қилинган дуолар ижобат бўлади, албатта.
Қалбларимиз қувончга ва эзгу ниятларга тўлган ушбу саодатли ва мунаввар дамларда аввало шундай табаррук кунларга етказгани, байрамни тинч ва осуда муҳитда, оиламиз, эл-юртимиз билан ҳамжиҳатликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз.
Халқимиз асрлар давомида буюк диний қадрият, саховат ва меҳр-оқибат рамзи сифатида эъзозлаб келаётган бу улуғ айём кейинги пайтда ижтимоий ҳаётимизда янада мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани албатта барчамизни хурсанд қилади.
Мамлакатимиз осойишталиги ва тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлидаги барча хайрли ишларимизга Яратганнинг ўзи мададкор бўлсин. Муборак Рамазон ҳайити билан барчангизни самимий муборакбод этиб, сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик-хотиржамлик тилайман!
Шуҳрат Отажонов
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори.