Агротавсия

Турп – саломатликка ҳам, рўзғорга ҳам фойда келтирадиган экин
Турп – инсон саломатлиги учун фойдали бўлган сабзавотлардан бири. Унинг илдизмеваси минерал моддаларга бой. Турп ўзининг таркибига кўра қиш фасли тугаб, баҳор бошланишида, халқимиз “илик узилди” деб атайдиган кунларда, организмда етишмаётган витаминлар ва минерал тузлар ўрнини тўлдиришда жуда фойдалидир. У микробларга қарши куашувчан кучли хусусиятларга эга.
Юртимизда экиш учун турпнинг “Андижон–9”, “Марғилон маҳаллийси”, “Дайкон”, “Содиқ” ва “Куз ҳадяси” навлари тавсия этилади. Турп уруғи марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25 июл-10 август, жанубий вилоятларда 20 август-20 сентябрда сочма ҳамда қатор қилиб экиш мумкин. Ҳар 2 усулда ҳам эгат ораси 70 см олинади. Уруғ қўлда сепилади. Ҳар 1 сотих ерга 50–60 г турп уруғи сарф бўлади ва 1,5 см чуқурликда экилади. Тупроқ хаскаш билан тирмаланади.
Ниҳоллар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Қатор ораларини ўсимлик атрофи билан қўл кучи ёрдамида кетмон билан 15–16 см чуқурликда юмшатиб туриш, минерал озиқа ва сув бериб бориш керак. Вегетация мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини юмшатилиб борилади. Турп майдони бегона ўтлардан тозаланиб, ягана қилингандан сўнг ўғитланади. Бунда 1 сотих ерга сулфат аммоний – 2 кг, аммофос – 1,5 кг, калий хлор – 0,5 кг/га меъёрда солинади.
Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш
Турпга зараркунандалардан – узунбурун, шира, барг бургалари, касалликлардан – ун-шудринг ва оқ чириш катта зарар етказади. Зараркунандаларига қарши 10 сотих экин майдонига Моспилан 20% н.кук. 25–30 г меъёрда қўлланилади.
Касалликларга қарши – 72,2% с.э.к. Превикур 150 мл, Курзат Р н.кук. 200–250 г ёки 1 фоизли Бордо суюқлигининг 60–70 л сувда тайёрланган аралашмасини пуркаш яхши самара беради. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш тавсия этилади.
Турп экини совуққа чидамли бўлсада, илдизмеваси тупроқ музлаб қолмасдан олдин йиғиб олиниши керак. Ўртача 10–15 см катталикдаги турп мевасининг сифати юқори бўлади. Бироқ, ҳосил илдизмевалар диаметри 5–10 см бўлганда ҳам йиғиб олиниши мумкин.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе