Агрокимё ва тупроқшунослик йўналишида малака ошириш курслари якунланди
Миллий марказ тизимидаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида олий таълим ташкилотлари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсининг “Агрокимё ва тупроқшунослик” йўналиши бўйича битирув малакавий ишлари ҳимояси бўлиб ўтди.
Мазкур жараён олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш, илмий-назарий билимларини мустаҳкамлаш ҳамда замонавий агротехнологиялар ва инновацион ёндашувларни таълим жараёнига кенг жорий этиш борасидаги ишларнинг муҳим босқичи бўлди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Тадбирни Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Малака ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш бўлими бошлиғи, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Камолиддин Султонов кириш сўзи билан очиб берди.
Унда малака ошириш курсларининг олий таълим тизимидаги аҳамияти, педагог кадрларнинг касбий компетенсияларини ривожлантириш, аграр соҳада замонавий билим ва тажрибаларни оммалаштириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида юз бераётган янгиланишлар, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясининг тобора кучайиб бораётгани педагоглардан ўз билим ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб боришни талаб этиши таъкидланди.
Шундан сўнг институт директори Рустам Низомов сўзга чиқиб, мамлакатимизда аграр таълим тизимини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагогларнинг малакасини ошириш, уларни замонавий билим ва амалий кўникмалар билан таъминлаш муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди.
Хусусан, агрокимё ва тупроқшунослик йўналишларида чуқур назарий билим, амалий тажриба ва замонавий илмий ёндашувларнинг уйғунлиги муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди. Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, минерал ва органик ўғитларни илмий асосланган меъёрларда қўллаш ҳамда тупроқнинг агрокимёвий хусусиятларини чуқур ўрганиш бугунги аграр соҳанинг долзарб вазифаларидан экани қайд этилди.
Расмий саҳифаларимизни кузатиб боринг.
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок|Ёутубе