Агро_тавсия

Пахтачиликда янги самарадор агротехнология: 8 та факт ва 70 с/га
Маълумки, жорий 2024-йилдан бошлаб тажриба-синов тариқасида юқори ҳосилдор хорижий ғўза навлари ва дурагайлари олиб келиниб, пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги пахта экиладиган майдонларига жойлаштириш чоралари кўрилди.
Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Ҳиндистон каби давлатлардан юқори ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга бардошли, тола сифати юқори ғўза навларининг уруғлари олиб келиниб, республика бўйича жами 94 минг гектар майдонларга белгиланган тартибларга кўра ҳимояланган тартибда экилиб, парваришланмоқда.
Пахтачилик кенгашининг кузатувлари давомида хорижий ғўза навлари уруғлари униб чиқиш даражаси 99% дан юқори эканлиги, униб чиқиши маҳаллий навларга нисбатан 3-4 кун олдин бўлганлиги кузатилди.
Хорижий ғўза нав ва дурагайларини парваришлашда чигит экишдан олдин бегона ўтларга қарши гербисидлар қўлланилиши натижасида 2 марта чопиқ қилиш ҳамда ишчи кучи сарфини 35-40% гача қисқаришига эришилади.
Таҳлилларимизга кўра, янги жорий этилаётган агротехнологияни қўллашда 1 гектар майдонни ҳисобга олган ҳолда қуйидаги самарадорликка эришилади:
Бегона ўтларга қарши қўл чопиғи 2 мартага қисқаради, бу эса гектарига 0,3 млн сўмдан, жами 0,6 млн сўм маблағни иқтисод қилиш имконини беради;
Ягоналаш тадбирлари ўтказилмайди, бу эса гектарига 2 марта ягоналашни ўтказмаслик натижасида жами 0,6 млн сўм маблағни иқтисод қилади;
Қатор орасига ишлов бериш тадбирлари (култивация) 7 мартага қисқаради, бунда 50 литр ЁММ ва ишчи кучи қисқариши натижасида 1,0 млн сўм тежалишига эришилади;
Суғориш учун сув сарфи 50% гача қисқаради;
Чилпиш тадбири ўтказилмаслиги натижасида 0,3 млн сўм иқтисод қилинади;
Ушбу навлар кўсак қуртига чидамли бўлиб, одатда унга қарши кураш чоралари сифатида ўртача 3 марта кимёвий препаратлар билан ишлов берилмаслиги ҳисобига гектарига 0,3 млн сўмдан жами 0,9 млн сўмни иқтисод қилиш имконини беради;
Етиштирилган ҳосилни 1-октябргача йиғиштириб олиш натижасида 1-навга сотилишига эришилади;
Агротехник тадбирлар маромида ўтказилса гектарига камида 65-70 сентнер ҳосил олиниб, бунда эса қўшимча ўртача 46 стентнер ҳосил олишга эришилади.
⏺Пировард натижада, 1 гектардан ўртача 50,0 млн сўмгача қўшимча даромад олишга эришилади.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Бахтиёр, Неъматжон, Шавкатжон” фермер хўжалигида Хитойдан келтириб экилган ғўза навларининг агротехникасидаги ўзига хос жиҳатларга бағишлаб ўтказилган дала семинарида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шуҳрат Отажонов Хитойдан олиб келинган ғўза навларининг 8 та ўзига хос хусусиятлари тўғрисида иштирокчиларга қизиқарли маълумот берди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе