Агро_тавсия

Мошнинг дони инсонга, пояси чорвага, чириндиси ерга озуқа бўлади
Республикамизда ҳар йили мош такрорий экин сифатида 18–20 минг гектардан ортиқ майдонда етиштирилади. Озиқалик қиймати билан буғдой, ловия, нўхат, кўк нўхат ва жавдар донларидан 1,5–2 баравар, тўйимлилиги бўйича эса 1,5 баравар устун туради. Таркибидаги оқсилнинг ҳазмланиши 86 фоизга етади. Экин вегетация даврида тупроқда 50–100 кг/га биологик азот ва органик моддалар тўплаб, ернинг табиий унумдорлигини оширади.
Мош уруғи экилганда тупроқни ҳаддан ташқари намиқиб кетиши униб чиқишига салбий таъсир этади. Мош уруғи экилганидан сўнг оғирлигига нисбатан 90–92% нам талаб қилиб, жуда қисқа муддатларда униб чиқади. Ўсув даври давомида тупроқ-иқлим шароитларига қараб 1–3 марта суғорилади. Мош ўсимлигини гуллаш ва дон тугиш даврларида сувга бўлган талаби юқори бўлади. Бегона ўтлардан тозалаш мақсадида ўтоқ қилинади ва қатор оралари чопиқ қилинади. Экиш олдидан гектарига соф ҳолда 40–60 кг фосфор ва 20–40 кг калийли ўғитлар солинади. Шоналаш ва гуллаш даврларида 30–40 кг азот, 20–30 кг фосфор ва 10–20 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади. Агар азотли ўғитлар меъёридан ошиб кеца, ўсимлик биологик азотни ўзлаштирмайди.
⌛ Дуккаклари пишиб етилган вақтда танаси, барглари ва бошқа қисмлари яшил ҳолатда бўлади. Бу эса дон ҳосилини тўғридан-тўғри комбайн билан йиғиштириб олиш имконини бермайди. Шу сабабли мош етиштирадиган хўжаликларда кўпчилик ҳолатларда мош ҳосилини йиғиштириб олишда дуккакларининг 70-80 фоизи етилганда, эрталабки кезларда қўл кучи билан йиғиштириб олиниб, ёйиб қўйилади ва қуритилади, сўнгра янчилади.
Ушбу тавсия Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан тақдим этилди. Эслатиб ўтамиз, мазкур илмий муассасада шоли билан бир қаторда мошнинг “Радост”, “Наврўз”, “Қаҳрабо” каби навлари ҳамда истиқболли деб эътироф этилган “Ҳосилдор” нави яратилган.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе