Агро_тавсия

⏩Шолғом нафақат озуқа, балки шифо ҳамдир
Одамлар шолғомдан нафақат қимматли озиқ-овқат, балки қадимдан халқ табобатида шифобахш доривор сифатида ҳам фойдаланиб келинади.
Унинг таркибида 9 фоизгача шакар, 0,2% хантал мойи мавжуд бўлиб, у шолғомга ўзига ҳос ҳид ва яхши таъм беради. Шолғом меваси миқдорда К витамини бошқа илдизмеваларга нисбатан икки баравар кўп, В гуруҳидаги витаминлар мавжуд. Сариқ шолғом таркибида юқори консентрацияда провитамин А сақланади. Организм учун зарур бўлган микроелементлардан мис, темир, марганес, рух, ёд ва бошқалар аниқланган. Олтингугурт миқдори жиҳатидан, бу бошқа сабзавотлар орасида биринчи ўринни эгаллайди.
Шолғом август ойида экилади. Экишдан олдин ерни албатта яхшилаб суғориш талаб этилади, ер етилгандан сўнг тупроқ намлиги кўтарилиб кетмасдан ҳайдаш, сўнгра кетма-кет борона билан 10-12 см чуқурликда юмшатиб, кейин 70 см ёки 90 см оралиқда эгатлар олиниб экишга тайёрланади. Шолғом марказий ҳудудларда 1-15 августда, шимолий ҳудудларда 25-июл 10-август ва жанубий ҳудудларда 20-август – 20-сентабрда сепилади. Ушбу илдизмева экинлар сувга жуда талабчан бўлганлиги сабаб бошқа сабзавотларга қараганда тез-тез суғориб туришни талаб этади.
Уруғлар 70 ва 90 см кенгликдаги эгатларга махсус СОН-2,8 сеялкада ёки қўл кучи ёрдамида экилади. Икки қатор қилиб экишда сеялканинг сошниклари жуфт-жуфт қилиб ўрнатилади. Ҳар жуфтдаги сошник ораси 20 см қилинади. Сеялкага окучниклар тиркалиб эгат ҳам олинади. Ҳар шолғом уруғи 2-3 кг сарф бўлади ва 1,5 см чуқурликда экилади.
Уруғлар ердан тўла униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2-3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10-12 см кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини култивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.
Ўғитлашда буз тупроқ ерларда соф ҳолда 125 кг азот, 95 кг фосфор, 60 кг калий солиш керак. Фосфор ўғитини йиллик миқдорини 75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чин барг пайдо бўлганда ўтказилади. Яхши парвариш қилинганда шолғомдан гектарига ўртача 35-40 тонна ҳосил олиш мумкин.
Миллий марказ тизимидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтида “Муяссар”, “Самарқанд маҳаллийси”, “Наманган маҳаллийси”, “Гулшод” навлари яратилган.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе