АГРО_ТАВСИЯ

Олхўри раънодошлар оиласига мансуб данакли мева дарахти. 30 дан ортиқ тури маълум. Энг кўп тарқалган тури оддий олхўри бўлиб, тоғолча билан ёввойи олхўрининг табиий чатишишидан келиб чиққан деб тахмин қилинади.
Ватани Кичик Осиё. Ўзбекистонга Эрон орқали кириб келган. Юртимизда экилиш майдони жиҳатидан данакли мева дарахтлари орасида ўрикдан кейин туради.
Олхўри асосан пайвандлаб ҳамда илдиз бачкисидан кўпайтирилади, энг яхши пайвандтаг тоғолча.
Кўчати ўтқазилгач, 3-5 йилда ҳосилга киради. 20-25 йил яхши ҳосил беради (30 кг дан 100 кг гача). 30-35 йил яшайди. Шафтоли, ўрик ва гилосга қараганда, совуққа чидамли (-30 даражагача). Баҳорги совуқлардан кам зарарланади.
Олхўри таркибида:⠀⠀⠀
витамин К;⠀
витамин А;
фруктоза ва сахароза;
органик кислоталар;
азотли моддалар, танинлар;
макро ва микроелементлар мавжуд.
Олхўрининг асосий фойдали хусусияти ичакларни юмшоқ тозалаш ва ошқозон-ичак тракти фаолиятини нормаллаштиришдир. Олхўри иштаҳани қўзғатиш ва ичак моторикасини ошириш қобилиятига эга, атеросклероз учун фойдали, қон томирлари деворларида холестерин тўпланишини камайтиради.⠀
Ўзбекистон ҳудудида 10 та нави етиштирилади. Навларига қараб, юртимизнинг турли минтақаларида етиштириш учун тавсия қилинган. Дунёда қора олхўри меваларини етиштириш бўйича илғор саналган АҚШ, Канада ва Чили давлатлари тажрибалари ўрганилиб, республика ҳудудларида қора олхўри етиштиришни кўпайтириш ва экспортга йўналтириш тизими йўлга қўйилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда етиштирилаётган олхўри маҳсулоти Афғонистон, Белорус Республикаси, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Монголия, БАА, Россия, Туркманистон, Украина каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок | Ёутубе