АГРО_ТАВСИЯ

Тўқсонбости усулида ош лавлаги етиштириш бўйича тавсиялар
Маҳсулотни биринчилардан бўлиб бозорга чиқариш деҳқонга яхши даромад келтиради. Тўқсонбости усулида сабзавот экинларини етиштириш эса айнан шундай имкониятни тақдим этади.
Қуйида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ош лавлагини тўқсонбости усулида етиштириш бўйича берилган тавсияларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ош лавлагини жойлаштиришда, албатта, экинларни алмашлаб экиш қоидаларига амал қилиш шарт. Лавлаги шундай тарзда алмашлаб жойлаштирилиши керакки, улар 3–4 йилдан кейин яна аввалги майдонга қайта экилиши мумкин бўлсин.
Ош лавлаги дастлабки ўсиш даврида жуда секин ривожланади, бегона ўтлар эса ундан олдин униб чиқиб, далани эгаллаб олади. Шу боис, лавлагини бегона ўтлар тозаланадиган экинлар — картошка, бодринг, карамдан кейин экиш тавсия этилади.
Ҳозирда мавжуд лавлаги навлари хилма-хил бўлиб, деҳқонлар ҳосилдорлик ва таъм жиҳатдан энг мос бўлган нав ёки дурагайни танлаш имконига эга.
Ош лавлаги уруғлари тўқсонбости усулида қуйидаги муддатларда экилади:
Жанубий вилоятларда: 1–30 декабр
Марказий вилоятларда: 15 ноябр – 15 декабр
Шимолий вилоятларда: 1 ноябр – 1 декабр
Ушбу муддатларда маҳаллий Диёр, Ягона навлари ҳамда хорижнинг Бордо 237, Бикоресс, Боро Ф1, Детроит, Пабло Ф1 дурагайларини экиш тавсия этилади.
Ош лавлаги тўқсонбости усулида экилганда:
Уруғ сарфи: гектарига 16–18 кг
Эгатлар орасидаги масофа: 60–70 см
Жойлашуви: 2–3 қаторли
Ўсимлик ораси: 8–10 см
Экиш чуқурлиги: 2–3 см
Лавлаги уруғи экилгандан сўнг майдон суғорилмайди. Барча асосий агротехник тадбирлар баҳорда бошланади.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе