Аграр тармоқ — ёшлар учун қулай майдон

Хабар берганимиздек, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг натижадорлиги билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлиб турган вазир Иброҳим Абдураҳмонов ташриф дастурига мувофиқ, Ёзёвон туманидаги “Қорасоқол” МФЙ ҳудудида бўлди.
▶Бу ерда вазир дастлаб, ёшларга деҳқончилик қилиш учун ажратиб берилган майдонларда ташкил этилган “Қодир Рустамов” полиз экинлари етиштириш кооперацияси фаолияти билан танишди.
6,5 гектар майдонга қовуннинг "Рессерес"(Туркия) нави экилган бўлиб, у маҳаллий навлардан экспортбоплиги, узоқ муддат сақлаш мумкинлиги билан фарқ қилади. Мазкур қовун нави гектарига 200 сентнергача ҳосил бермоқда. Етиштирилган қовунларнинг илк партияси Хитой Халқ Республикасига экспорт қилинди. Кейинги партияси эса, яна 5 кундан кейин экспортга жўнатиш кўзда тутилган.
Ушбу даладаги эртапишар қовун нави плёнка остига экилган бўлиб, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган. Суғориш жараёнида 50 фоизгача сув тежалади. Плёнка остига экилгани боис, ҳар куни 10 даража қўшимча иссиқ ҳарорат йиғилади. Бу эса, қовуннинг эрта пишиб етилишига замин яратади. Шунинг учун бўлса керак, чўл шароитида муддатидан олдин пишиб етилган қовунлар бугунги кунда бозорларимизда яхши нархларда сотилмоқда. Бу эса, иқтисодий жиҳатдан фермерларга манфаатли ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мазкур қовун уруғлари республика бўйлаб кенг тақалмоқда. Фермер хўжалиги вазирлик тизимидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари билан ҳам яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганлиги боис, қовун ҳосили йиғиб олингандан сўнг, такрорий экин сифатида тарвуз уруғларини экишни режалаштирган. Бундан ташқари, институт билан ҳамкорликда Олтиариқ туманида 3 хил помидор уруғи ва 2 турдаги пиёз экинларини парваришлаб, тажриба синов олиб борилмоқда.
Вазир ёшлар билан ҳамсуҳбат бўлар экан, қишлоқ хўжалигида ёшларнинг ўрни жуда ҳам муҳимлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, келгуси ишларда ҳам ёшларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда олимлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаб иш тутишлари ҳосилдорликни янада оширишга олиб келиши айтиб ўтилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм