Германиянинг нуфузли Жулиус Кüҳн-Институт илмий муассасасининг катта илмий ходимлари — Моника Ҳöфер ҳамда Стефание Реим хонимлар Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги илмий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Ташриф доирасида меҳмонлар академик М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига ташриф буюриб, унинг илмий фаолияти билан танишдилар.
Учрашув давомида институтнинг замонавий лаборатория базаси, хусусан, ўсимликлар селексияси йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Генетик ресурсларни сақлаш, уларни самарали кўпайтириш ҳамда юқори ҳосилдор ва истиқболли навларни яратишга қаратилган илмий ишланмалар алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, мева ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш асосида табиий вино ва сирка ишлаб чиқариш технологиялари юқори баҳоланиб, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, институтда кўчат етиштириш жараёни намойиш этилиб, янги селексия навлари ва уларни парваришлаш бўйича самарали фикр алмашилди.
Учрашув якунида биологик хилма-хилликни асраш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи турларини биргаликда ўрганиш ҳамда илмий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган истиқболли режалар белгилаб олинди.





