2026-йил пахта ҳосилига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида пахтачилик тармоғининг 2026-йил ҳосилига тайёргарлик жараёнлари ҳамда келгуси босқичдаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Видео-конференс-алоқа шаклида ўтказилган йиғилишда Пахтачилик кенгаши аъзолари, ҳудудий раҳбарлар, уруғчилик тизими ва уруғлик чигит импорти билан шуғулланувчи корхоналар вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда 2026-йил ҳосили учун хорижий ғўза навлари уруғлик чигитларини импорт қилиш бўйича келиб тушган таклифлар кўриб чиқилди. Таклифлар агроиқлим шароитларига мослиги, ҳосилдорлик ва тола сифати ҳамда уларни ҳудудларда жорий этиш афзалликлари экспертиза хулосалари асосида таҳлил қилинди.
Жараёнда пахтачиликда селексия ва нав танлаш масалаларига илмий ёндашувни кучайтириш, тасодифий ва самарасиз импорт ҳолатларининг олдини олиш муҳим вазифа экани алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги иккинчи масала 2026-йил пахта ҳосили учун уруғлик чигит тайёрлаш ишларининг боришига бағишланди. Ҳудудларда уруғлик етиштириш, саралаш, сақлаш ва сертификатлаш жараёнларининг амалдаги ҳолати муҳокама қилинди.
Мавжуд муаммолар, сусткашликка йўл қўйилаётган йўналишлар ҳамда уларни бартараф этиш чоралари белгилаб олинди. Шунингдек, уруғлик сифати ва тозалигини таъминлаш, режа ҳамда белгиланган муддатларга қатъий риоя этиш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Йиғилиш давомида ташкилий ва бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилиб, пахтачилик тармоғида масъулият ва ижро интизомини янада кучайтиришга қаратилган тегишли топшириқлар берилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм